Танлов натижаларига кўра, Мир Араб олий мадрасаси 402- гуруҳ талабаси Юнус Муҳаммад Хатамжон ўғлининг мақоласи мазмунан пухталиги, мавзунинг атрофлича ёритилгани ҳамда илмий ёндашуви билан алоҳида эътироф этилди ва биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Мир Араб олий мадрасасида буюк аллома Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, унинг асарларини чуқур тадқиқ этиш ҳамда ёшлар ўртасида аллома ижодига бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови доирасида мақолалар танлови ташкил этилди.
Ушбу тадбирда Мир Араб олий мадрасасининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Бухоро давлат университети таянч докторанти Холмурод Раҳимов, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Иброҳим домла Темиров, шунингдек, гуруҳ мураббийлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Танлов давомида иштирокчилар томонидан Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, бой маънавий мероси, асарларининг мазмун-моҳияти ҳамда уларнинг бугунги кундаги аҳамиятига бағишланган мақолалар тақдим этилди.
Тақдим этилган мақолалар мазмун-моҳияти, илмий ёндашуви ва мавзуни ёритиш даражасига кўра таҳлил қилиниб, улар орасидан энг муносиб деб топилган тўртта мақола саралаб олинди. Мазкур мақолаларнинг мазмуни талабалар эътиборига ҳавола қилиниб, уларда илгари сурилган фикрлар, алломанинг илмий-маънавий мероси ва асарларининг тарбиявий аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Танлов натижаларига кўра, Мир Араб олий мадрасаси 402- гуруҳ талабаси Юнус Муҳаммад Хатамжон ўғлининг мақоласи мазмунан пухталиги, мавзунинг атрофлича ёритилгани ҳамда илмий ёндашуви билан алоҳида эътироф этилди ва биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Танловда фаол иштирок этган ҳамда юқори натижаларни қайд этган талабалар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур тадбир орқали талаба-ёшларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш, буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, талабаларнинг ижодий тафаккури, мустақил фикрлаши ҳамда илмий салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.