БУХОРОДА СОФ АҚИДА ВА ТАСАВВУФ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН БЎЛИБ ЎТДИ

БУХОРОДА СОФ АҚИДА ВА ТАСАВВУФ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН БЎЛИБ ЎТДИ

Қадимий Бухоро яна бир бор халқаро илмий мулоқот, маърифат ва маънавий меросни ўрганиш марказига айланди.

2026 йил 10 ноябрь куни юртимизнинг нуфузли илм масканларидан бири — Мир Араб олий мадрасасида «Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли анжуман юртимиз ва хорижий мамлакатларнинг таниқли уламолари, исломшунос олимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ҳамда диний соҳа мутахассисларини бир мақсад йўлида жамлади.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад глобаллашув шароитида соф ислом ақидасини асраб-авайлаш, аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, тасаввуф таълимотининг инсон камолоти ва жамият барқарорлигидаги ўрнини илмий жиҳатдан ёритиш, шунингдек, замонавий диний-маърифий муаммоларга асосли ечимлар излашдан иборат бўлди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Татаристон Республикаси муфтийси ўринбосари, Россия ислом институти ректори, профессор Рафиқ Муҳамметшин ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори устоз Жобир домла Элов иштирок этиб, сўзга чиқдилар.

Нутқларда бугунги мураккаб ахборот маконида ёшларни турли ёт ғоялар ва бузғунчи мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилиш, мўътадиллик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш, диний масалаларни илмий асосда ўрганишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиш ва унинг ҳаётий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш долзарб вазифалардан экани қайд этилди.

Конференциянинг «Глобаллашув даврида соф ақида: муаммолар ва ечимлар» деб номланган биринчи шўъбасида ислом ақидасининг илмий асослари, мотуридийлик таълимотидаги мўътадиллик тамойиллари, адашган оқимларга қарши маърифий кураш ҳамда замонавий ахборот таҳдидлари атрофлича муҳокама қилинди.

Туркия, Россия ва бошқа мамлакатлардан иштирок этган олимлар билан бир қаторда юртимиз тадқиқотчилари ҳам ўз илмий маърузалари билан иштирок этдилар.

Жумладан, Имом Абу Ҳанифанинг адашган фирқаларга қарши курашдаги илмий қарашлари, мотуридийлик таълимотида васатийлик тамойили, тасаввуф ва калом илмлари ўртасидаги уйғунлик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган сохта диний контент, унинг жамият диний онгига таъсири ва бундай таҳдидлардан ҳимояланиш стратегияларига бағишланган маърузалар замонавий ахборот маконида диний саводхонликни ошириш нақадар муҳимлигини кўрсатди.

Анжуманнинг «Глобаллашув даврида тасаввуф: маънавий мерос ва замонавийлик» номли иккинчи шўъбасида тасаввуф таълимотининг инсон тарбияси, ахлоқий камолот, ижтимоий барқарорлик ва маънавий қадриятларни асраб-авайлашдаги ўрни кенг ёритилди.

Илмий маърузаларда Хожагон-Нақшбандия тариқати намояндаларининг бой мероси, Нажмиддин Кубро таълимотининг ижтимоий-маънавий аҳамияти, Яъқуб Чархийнинг фалсафий қарашлари, Қуръони каримнинг тасаввуфий тафсири ҳамда замонавий тасаввуф ташкилотлари фаолияти таҳлил қилинди.

Хусусан, Малайзиядаги замонавий тасаввуф ташкилотлари ва маънавий дипломатия тажрибаси, Нақшбандия уламоларининг қўлёзма васиятномаларида акс этган ахлоқий-тарбиявий ғоялар илмий муҳокамаларга бой мазмун бағишлади.

Таъкидланганидек, тасаввуфнинг асл моҳияти инсон қалбини поклаш, нафс тарбияси, гўзал ахлоқ, ҳалоллик, камтарлик ва жамиятга манфаат етказиш каби юксак инсоний фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Конференция давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар соф ақида ва тасаввуф масалаларини фақат тарихий мерос сифатида эмас, балки бугунги жамият маънавий ҳаёти билан бевосита боғлиқ долзарб илмий йўналишлар сифатида ўрганиш зарурлигини яна бир бор намоён этди.

Зеро, ахборот алмашинуви мислсиз тезлашган бугунги даврда ёш авлодни ишончли диний манбалар асосида тарбиялаш, аждодларимизнинг илмий меросини холис ўрганиш, диний масалаларда соғлом тафаккур ва мўътадил ёндашувни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Мир Араб олий мадрасасида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ислом илмларининг долзарб масалаларини биргаликда муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, «Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган илмий изланишлар, халқаро ҳамкорлик ва бой маънавий меросимизни тарғиб этиш борасидаги муҳим тадбирлардан бири сифатида аҳамият касб этди.

Бундай нуфузли анжуманлар буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий хазинани чуқур тадқиқ этиш, унинг асл моҳиятини келажак авлодларга етказиш ҳамда жамиятда тинчлик, бағрикенглик ва маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зеро, соф ақида инсон эътиқодининг мустаҳкам пойдевори бўлса, тасаввуф унинг қалби ва ахлоқини комиллик сари етакловчи маънавий мактабдир.

Мир Араб олий мадрасаси ахборот хизмати

Suratlar